Аллоҳнинг яратган махлуқотларини ичида Аллоҳга енг кўп итоат қилувчилари фаришталардир. Аллоҳ таоло улар хақида шундай дейди: (Фаришталар) Чарчамасдан кечаю-кундуз Аллоҳга тасбеҳ айтадилар». Росулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам- дедилар: “Аллоҳнинг шундай фаришталари борки, улар Аллоҳни зикр қилаётган бандаларни излаб кўчаларда юрадилар.
Агар Аллоҳни зикр қилаётган қавмни топсалар: “Қидириб юрган нарсаларингизга келинглар” – деб бир-бирларини чақирадилар. Қанотлари билан уларни (яни зикр қилиб ўтирганларни) ўраб, қуршаб оладилар-да, уларнинг атрофида тўпланиб, дунё осмонига қадар кўтариладилар. Аллоҳ бандаларининг ҳолатларини яхши билса ҳам, у фаришталардан сўрайди: “Бандаларим нима деяптилар?” Фаришталар: “Улар сенга тасбеҳ ва такбир айтяптилар ва сени улуғлаяптилар” – дейдилар. Аллоҳ таоло: “Улар мени кўрганмилар?” – дейди. Фаришталар: “Йўқ улар сени кўрмаганлар,” – дейдилар.
Аллоҳ таоло: “Агар мени кўрганларида қандай бўлардилар?” – дейди. Фаришталар: “Агар улар сени кўрганларида, сенга янада кўпроқ ибодат қилардилар, сени янада кўпроқ улуғлардилар ва сенга кўп тасбеҳлар айтардилар,” – дейдилар. Аллоҳ таоло: “Улар мендан нима сўраяптилар?” – дейди. Фаришталар: “Улар сендан жаннатни сўраяптилар,” – дейдилар. Аллоҳ таоло: “Улар жаннатни кўрганмилар?” – дейди. Фаришталар: “Йўқ, улар жаннатни кўрмаганлар,” – дейдилар. Аллоҳ таоло: “Агар жаннатни кўрсалар қандай бўлардилар?” – дейди.
Фаришталар: “Агар улар жаннатни кўрганларида еди, жаннатга ҳозиргидан ҳам кўпроқ интилиб, жаннатни жуда қаттиқ хоҳлардилар,” – дейдилар. Аллоҳ таоло: “Улар нимадан паноҳ тилаяптилар?” – дейди. Фаришталар: “Улар дўзахдан паноҳ тилаяптилар,” – дейдилар. Аллоҳ таоло: “Улар дўзахни кўрганмилар?” – дейди. Фаришталар: “Йўқ, улар дўзахни кўрмаганлар,” – дейдилар.
Аллоҳ таоло: “Агар дўзахни кўрганларида қандай бўлардилар?” – дейди. Фаришталар: “Агар улар дўзахни кўрганларида еди, ундан янада кўпроқ сақланиб, кўпроқ қўрққан бўлур едилар,” – дейдилар. Аллоҳ таоло: “Гувоҳ бўлинглар, мен уларнинг барча гуноҳларини кечирдим,” – дейди. Шунда бир фаришта: “Уларни орасида фалончи ҳам бор. У улардан емас. Фақат бир иш учун келган,” – дейди. Аллоҳ таоло: “Уни ҳам кечирдим, бу қавм билан бирга ўтирган киши бахтсиз бўлмайди,” – дейди.