Главная / Иқтисодиёт / Кредит ва қарз шартномалари

Кредит ва қарз шартномалари

Ўзбекистон Фуқаролар кодексининг 744-моддасида кредит шартномасининг моҳияти қуйидагича баён этилган:

«Кредит шартномаси бўйича бир тараф банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредит берувчи, кредитор) иккинчи тарафга (кредит олувчи) шартномада назарда тутилган микдорда ва шартлар асосида пул маблаглари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади».

importnyi-kontrakt-e1489068982935Юридик ҳужжат сифатида кредит шартномаси ҳар иккала томон ўртасидаги муносабатни мувофиқлаштиради. Унда қуйидагилар ўз аксини топади:

  • томонлар номи;
  • шартноманинг амал қилиш муддати;
  • кредит келишувининг предмети ва шартлари;
  • томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
  • мажбуриятларни бажаришнинг ҳуқуқий кафолатлари.

Бундай ҳуқуқий кафолатларга қуйидагиларни қайд қилиш мумкин:

  • қарз олувчининг юридик мақоми (шакли);
  • кредитни қайтаришни таъминловчи усуллар (гаров, кафолат, хомийлик, васийлик ва ҳоказо);
  • у ёки бу томоннинг ўз мажбуриятларини бажаришдаги бузғунчилиги учун белгиланадиган санкция;
  • кредит шартномасини бузилиш ҳоллари.

Қарз олувчининг юридик мақоми: биринчидан, қарз олувчининг тўловга қобилиятлилигини, иккинчидан, фаолият натижаларига жавоб берувчи масъул кишилар доирасини аниқлаш учун муҳимдир: бу жиҳат банк мижозини банкрот деб эълон қилинган ҳолатда янада долзарб тус олади.

Қарз олувчининг мажбурияти: мижознинг кредитдан мақсадли фойдаланиш масъулиятига, қарзни тўла ва ўз вақтида тўлаш мажбуриятига (тартиби), банк назоратини амалга ошириш учун тегишли ҳужжатларни тақдим этиш шартларига риоя қилиш учун зарурдир.

Кредит шартномаси ёзма шаклда тузилади ва томонлар томонидан имзоланади. Унга корхона раҳбари ёки шартнома тузишга ваколати бор шахс имзо чекади. Ваколат муддати уч йилдан ошмаган бўлиши керак. Башарти ваколат берилганлиги тўғрисидаги ишончнома қоғозида бу муддат кўрсатилмаган бўлса, у ҳолда бу ваколат ишончнома берилган кундан бир йилгача бўлган вақт ичида кучға эга бўлади. Шартноманинг ҳуқуқий томондан пухта бўлиши учун уни тузишда банк юристларини кенгроқ жалб қилиш лозим.

Кредит шартномаси намунаси скачать 

Cкачат килиш >>>

Юридик мақомига биноан кредит шартномаси ҳар иккала томон келишуви ва унинг бажарилишини ифодаловчи ҳужжатдир. Бунда бир томондан банк кредит беришни ўз зиммасига олса, иккинчи томондан мижоз уни ўз вактида қайтариш мажбуриятини олади. Кредит шартномасининг ўзига хос хусусияти шундаки, бу ерда банк кредит операцияларини бажаришда мижознинг ишончлилигига, унга бўлган ишончга таянади. Кредит бериш эса қарз олувчининг кредитга лаёқатлилигини ва уни ўз вақтида қайтара олишини ўрганишга асосланади. Шу сабабли кредит шартномаси бўйича учинчи шахсга биринчи шахс номидан кредит олиш ҳуқуқи берилмайди. Бу тартиб қонунчиликда ўз аксини топмаганлиги сабабли уни шартномадан албатта шартларнинг бири қаторида муҳрлаб қўйиш керак.

Шу билан бир қаторда шартномага биноан биринчи шахс зиммасидаги қарзни учинчи киши зиммасига ўтказилиши мумкин (агар у биринчи мижоз зиммасидаги барча қарз мажбуриятларини тўлашни ўз зиммасига олса).

Кредит шартномасининг яна бир хусусияти шундаки, гарчи шартномада юридик жиҳатдан томонларнинг расмий тенг ҳуқуклиги қайд қилинган бўлса-да, аммо бу ерда банк мавқеининг устунлиги сакланиб қолади. Бу ҳол банкнинг ўз манфаати нуқтаи назардан мижозга ўз тазйиқини намоён қилишда, унга иқтисодий самарасиз операцияларни мажбурлаб ўтказишида намоён бўлади. Масалан, кредит шартномасида кредит бериш санаси бўлиб пул маблагларини мижоз ҳисобварагига қайд қилинган кун санаси эмас, балки мижоз ҳисобварағига ссуда проводка қилинган сана ёки банкнинг корреспондент ҳисобварағидан маблағларни ҳисобдан чиқарган сана ҳисобланади.

Одатда кредит шартномасининг қуйидаги бўлимлари мавжуд:

  • мижознинг қарз мажбурияти;
  • кредит бериш тўғрисидаги битим;
  • таъминланганлик;
  • чекловчи шартлар;
  • мижоз томонидан бериладиган кафолатлар;
  • кредит шартномасини бажармаслик ҳоллари.

Банк мижозга кредит беришга рози бўлса, улар ўртасида шартнома тузилади ва имзоланади. Биринчи бўлиб, олинаётган кредит ҳажмига қарз мажбурияти имзоланади. Қарз мажбуриятида кредитга ўрнатилган фоиз миқдори ва кредитни қоплаш муддати кўрсатилади. Қарз мажбурияти билан бирга йирик фирма ва компаниялар кўчмас мулкни гаровга қўйиш шарти билан кредит шартномасини имзолайдилар ва банк бу шартномага асосан келишилган кредит ҳажми миқдорида ўрнатилган муддат ичида мижозга кредит бериш мажбуриятини олади.

Бериладиган кредитлар таъминланган ёки таъминланмаган (ишончга асосан) бўлади.

  • Таъминланган кредитлар мижоз мулкини гаровга олиш орқали берилади. Гаров тариқасида кўчмас мулк, автомобиль, қимматли қоғозлар ва бошқа ликвид бойликлар берилиши мумкин.
  • Ишончга таяниб бериладиган кредитларга гаров олинмайди. Бунда асосан мижознинг обрў-эътибори, даромадлари даражасининг юқорилиги асосий омил ҳисобланади.

Кўпгина кредит шартномаларида банклар мижозларига чекланишлар белгилайдилар. Бу чекланишлар икки хил бўлади:

Тасдиқланган чекланишлар мижозлардан, келишилганига кўра, вақти-вақти билан молиявий ҳисоботларни банкка тақдим қилиш, ҳар қандай таъминотни сугурталаш, ликвидлилик ва капиталнинг етарлилик даражаларини сақлаб туришни талаб қилади.

Тақиқланган чекланишларга асосан мижозлар банкнинг рухсатисиз бошқа молиявий фаолиятларни амалга оширмасликлари, қарз ҳажмини орттирмасликлари, активларини сотмасликлари, ўзларининг акциядорларига юқори даражада дивидендлар тўламасликлари лозим ва бошқалар.

Мижоз кредит аризасидаги маълумотларнинг барчасини кафолатлаши лозим. Кредит шартномасига асосан мижозга кафиллик

бера оладиган ташкилот, фирма ёки жисмоний шахснинг номи, мижоз танг аҳволда қолганда унинг қарзини тўлашга кафолат бериши тўғрисида тўлиқ маълумот бўлиши керак.                                     .

Кредит шартномасида «Кредит шартномасини бажармаслик ҳоллари» бўлими бўлиб, мижоз шартномани бузган ҳолларда банк кредитни қайтариб олиш учун қандай ҳуқуқ ва ваколатларга эга эканлиги ёритиб берилади. Бу бўлимда шартнома бажарилмаган ҳолларида кредитни қайтариб олиш мақсадида ижро органларига мурожаат қилинган вақтдаги суд ва адвокатларга тўлайдиган барча с^рф-харажатлар ва чиқимларни ким тўлаши кўрсатилади.

Қарз шартномаси деб шундай шартномага айтиладики, бунга асосан бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки унга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради. Қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баробар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади (ФК, 732-модда).

Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади. Агар қарз суммаси энг кам иш ҳақининг ўн баробаридан ортиқ бўлса, у ҳолда фуқаролар ўртасидаги қарз шартномаси оддий ёзма шаклда тузилади. Шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатьий назар ёзма шаклда тузилиши шарт.

Қарз шартномасининг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ низо чиққан такдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.

Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян микдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

  • . Қарз шартномасининг ҳуқуқий белгилари қуйидагилардан иборат:
  • Бу шартнома реал шартнома саналади, чунки тарафлар ўртасида ҳуқуқ ва бурчлар шартнома предмети бўлган пул ёки ашёнинг топширилиши пайтидан эътиборан вужудга келади ва шартнома ҳам шу пайтдан эътиборан тузилган ҳисобланади.
  • Қарз бир томонлама шартномалар гуруҳига киради, чунки бу шартнома юзасидан бир тараф қарз берувчи ҳуқуқлар олса, иккинчи тарафда қарздорда бурчлар бўлади, жумладан, қарз берувчи қарзнинг қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлса, қарздор олинган қарзини қайтаришга мажбур бўлади (ФК, 735-модда).
  • Қарз шартномаси фуқаролар ўртасида агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса, қарз суммасидан қатьий назар, ёзма шаклда тузилиши шарт (ФК, 733-модда).
  • Қарз мулкка нисбатан бўлган эгалик ҳуқуқини ёки мулкни оператив бошқарув ҳуқуқини ўтказишга қаратилган. Бинобарин, қарздор қарзга олинган нарсанинг айнан ўзини қайтармасдан, балки олган пулни ёки ўша қарзга олинган нарсанинг хили, сифати ва миқдори бараварида бошқа нарсани қайтаришга мажбур бўлади.
  • Қарз шартномаси агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган микдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қарз шартномасини бажариш муддатларига тўхталадиган бўлсак, агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўтгиз кун мобайнида қайтариши керак.

Қарз ва кредит шартномалари ўртасидаги умумийлик билан бирга жиддий фарқлар ҳам мавжуд.

Биринчидан, кредит шартномаси бўйича кредитор сифатида фақат махсус субъектлар банк ёки бошқа кредит ташкилоти қатнашади.

Иккинчидан, кредит шартномаси бўйича қарз олувчи кредиторга фоиз тўлаши шарт.

Учинчидан, кредит шартномаси фақат ёзма шаклда тузилади.

Тўртинчидан, кредит шартномаси реал эмас, балки консенсуал шартномалар гуруҳига мансуб. Шу сабабли шартнома тузилгандан кейин у тарафлар ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради.

Улар ўртасидаги умумийлик шундаки, қарз ва кредит шартномаси бўйича қарз берган шахс қарзнинг қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади, қарздор эса ўз зиммасига олган қарзини қайтаришга бурчли бўлади. Қарз ва кредит шартномаси бўйича мажбуриятларни бузганлик учун қўлланиладиган санкция ихтиёрий бажарилмаган бурчни мажбурий ижро эттиришга қаратилган.

Олинган қарз ихтиёрий равишда тўланмаганлиги учун уни мажбуран ундириш мумкин. Мажбурият юзасидан қарздор шахс мажбуриятларини бажармаслиги билан кредиторнинг объектив ҳуқуқи,ни бузган ҳисобланади.

Қарз ва кредит шартномаси мажбуриятнинг бажарилиши билан бекор бўлади. Қарз шартномаси қарз берувчи шартномадан воз кечиши билан ҳам бекор бўлиши мумкин. Шунингдек, тарафларнинг келишуви бўйича ҳам бекор бўлиши мумкин.

Яна маълумот

procent

Банк фоизи ва ундан фойдаланиш механизми

Суда фоизи вақтинча муддатга берилган қийматдан фойдаланганлиги учун тўланадиган ўзига хос тўловдир. Унинг тўловчиси ҳам, …